http://www.joomla3x.ru/joomla3-templates.html - joomla 3 шаблоны

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан она тилим!

Ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён этувчи миллий ва умуминсоний қадриятлари бўлади. Тириклик учун тоза ҳаво билан қуёш нури, нону сув қанчалик ҳаётий зарурат бўлса, миллатнинг яшаши ва равнақ топишини ҳам она тилисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлайди

1989 йил 21 октябрь...
Ушбу сана, шубҳасиз, мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан бири. Зеро бу кунда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилиниб, мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Ва шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, бу ҳужжат ўз вақтида халқимизнинг Истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди, Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, асло муболаға бўлмайди.
Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон аҳли бугунги кунда 7000 дан зиёд тилда гаплашар ва, буни қарангки, уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9000 дан ортиқ тил мутлоқ йўқолиб кетганлиги ҳам асослантирилади. Бирор бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа ўрганувчилари.
Муболаға қилмаётган бўлсам, бугунги кунда Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу рақамлар Она тилимизнинг умрбоқийлигини мустаҳкам белгилаб турувчи омиллардан сўзлайди, албатта.
Халқимизда «олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» деган ибора бор. Буни мен бежизга келтирмаяпман ва у айнан биз Ўзбекистондаги миллатдошларга қарата айтилган аччиқ сўздай туюлаверади. Нимага дейсизми, чунки биз дунёларга дарс берган буюк аждодларимизнинг мутлоқ меросхўри бўла туриб, яъниким, Ўзбекистон аталмиш обод диёрда фаровон ҳаёт кечириб, юрт тупроғи соғинчи, тилдошлар ва элдошлар соғинчи нима эканлигини ҳис қилмаган ҳолда умргузаронлик қилиб келмоқдамиз. Энди тасаввурга ҳам бир эрк бериб кўринг: қанчадан-қанча ўзбеклар айни пайтда ер юзининг турли нуқталаридаги бошқа мамлакатларда муҳожирликда, бошқа тузум, бошқача тутумда ҳаёт кечириб келишмоқда. Аммо уларнинг айнан ўз тилига бўлган эҳтироми бизни уялтириб қўядиган даражада бутунлай ўзгача. Мен тақдир тақозоси билан АҚШда яшаб қолган бир ўзбек оиласи мисолида мана шу сўзларни айтгим келади.
Узоққа бормайлик, ёнгинамиздаги афғонистонлик ўзбекларнинг она тилимизга юксак эътиборини кузатиб, хижолат тортиб кетасан, киши.
Бош Қомусимизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳеч бир тилдан кам бўлмаган гўзал Она тилимиз ўз забонимизга тўлақонли қайтариб берилганига ва эркимиз қуёши бошимизда порлаб турганига ҳам нари-бериси билан 30 йил тўлди. Аммо бу давр ўзни таниб олмоқ учун асло камлик қилмайди!
Тўғри, бу йўсинда улкан эврилишлар содир бўлгани ва бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Хусусан, буюк аждодларимиз руҳи олдида юзимиз анча ёруғланди. Улардан қолган бемисл мерослар ўрганиляпти, тадқиқ этиляпти.
Бироқ ўзлик йўлидаги барча эзгу ишларнинг аввали Она Тилимизга эҳтиромдан ва ўрнатилажак муносиб муносабатдан бошланмоғи лозим, шундай эмасми?!
Шу кеча-кундузда таниқли адиб ва публицист Хайриддин Султоннинг «Ҳақиқат жамоли» номли янги китоби мутолаасидаман. Мазкур китоб муаллифнинг қирқ йиллик ижодий фаолияти давомида ёзилган мақола, бадиа ва суҳбатларидан саралаб олинган битиклардан таркиб топган экан. Дастлаб китобни «бугунги кун руҳидан анча олис бўлса керак» деган хаёлда қўлимга олдим. Зум ўтмай, фикрим ўзгарди. Куюнчаклик кайфиятидаги ҳар бир мақола ва суҳбат бир-бирини давом эттириб борарди гўё.
Ўй-хаёлимда эса сиз ўқиб турган мақолани ёзиш фикри турарди. Устоз ижодкорнинг 1989 йил февраль ойида (даврига эътибор беринг!) «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида чоп қилинган «Ҳаёт дарахти» мақоласини ўқий туриб, донг қотдим. Ҳайронлигим сабабини сўрамаслигингиз учун мақоладан парчалар келтираман:
«... Ҳозир республикамизда ўзбек тилига давлат тили мақомини (статуси) бериш ҳақида ҳар турли фикрлар мунозара қилинмоқда. Назаримда, бунга қаршилик билдираётганларнинг аксарияти ўз она тилини билмайдиган, қандайдир сабабларга кўра бу тилда оғзаки ва ёзма фикрини равон баён қилолмайдиган кишилардир. Чингиз Айтматов бунақа кимсаларни «миллий нигилистлар» деб атаган эди. Бундай кишилар ҳозирги кунда каттагина бир қатламни ташкил этади... Бу тоифа кишилар айниқса бошқарув идораларида, ўрта ва юқори бўғиндаги мансабдор шахслар орасида кўплаб учрайди. Тарихий илдизларидан узилган, она тилига, миллий ўзига хосликка беписанд муносабат билан умри ўтаётган бу одамлар шафқатга сазовор, қайта тарбияга муҳтождирлар...»
«...Шоир Эркин Воҳидовнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоий юбилейида ёлғиз бир киши ўзбек тилида гапирган, у ҳам бўлса ленинградлик олим ва таржимон Сергей Иванов бўлган экан...»
«...Миллий тилга бундай муносабат миллий маданиятга ҳам беписанд муносабатни вужудга келтирди. Умумий лоқайдлик матбуот тилига, бадиий тилга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатди. Юрак кучи билан эмас, билак кучи билан ёзилган талай семиз китоблар тилимиз қабристонига айланди...»
«...Тил масаласи — жиддий масала. Демак, уни чинакам маъруф кишиларга хос ақл-заковат ва янгича тафаккур билан ҳал этиш лозим...»
«...Ўйлайманки, республикамизда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилишига Ўзбекистондаги қалбан интернационалист бўлган барча кишилар хайрихоҳ бўладилар...»
Ушбу сўзларни ўқирканман, яқиндагина Ўзбекистонда икки тиллиликни ёқлаб чиққан «бир гуруҳ зиёлиларнинг алаҳсирагани» ва бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кескин қораланиб, узоқ муҳокамаларга сабаб бўлгани кўз олдимдан ўтди. Хўш, энди айтинг-чи, бу мақола қайси даврга тегишли: кечанинг гапими ёки бўлмаса бугунги кунимиз оғриқларими?..
Энг алам қиладигани ва ҳайрон қолдирадигани — 32 йил олдин айтилган гапнинг бугунги кунимизга ҳам мос тушиб турганлигидир.
Агар турли давр эгаларининг фикрларидан мисол келтиришда давом этсак, юрагимиз ачишади. Маърифат фидоийси Абдулла Авлонийнинг «Ҳифзи лисон» мақоласида мана шундай ўтли сўзлар қайд этилган:
«Миллий тилни йўқотмак — миллатнинг руҳини йўқотмакдир. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз...
Ё-ҳу! Бизга на бўлди? Боболаримиз йўлидан чиқиб кетдук!»

Ўзбек азалдан болажон халқ. Ҳар биримиз фарзандларимизнинг буюк аждодларимиз сингари оламга машҳур инсонлар бўлиб етишмоғини чин юракдан истаймиз. Уларнинг ёрқин келажаги йўлида ҳар қандай мушкулотларга кўксимизни тутамиз. Бироқ бугунги кунда жондан азиз фарзандининг бошқа тилли мактабларда таҳсил олишини истаётганлар ҳам кам эмас экан. Оламшумул мақсадлар йўлидаги бу уринишлар балки маълум маънода ўзини оқлар, аммо ўз она тилини қойиллатиб ўрганмаган, таъбир жоиз бўлса, сўзларимиз сеҳрини ҳис қилмаган, ўзаро айтиб турган гапининг тенг ярмини эса бошқа тилдаги «олифта сўзлар» эгаллаган ёшларнинг ютуқлари бизнинг миллий равнақимизга улуш бўлиб қўшила олармикан?!
Маърифатпарвар аллома ва ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг ушбу сўзларига эътибор қаратайлик: «Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир».
Хайриятки, диққатимиз марказидан анча олислаб кетган ўз она тилимизга муносабат масаласи бугун яна кун тартибига кўтарилди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббускорлиги остида ўзбек тилига бўлган эътиборимиз янада жонланмоқда. 2019 йилнинг 21 октябрь куни зиёлилар иштирокида бўлиб ўтган катта анжуманда давлатимиз раҳбари тилимизнинг мавқеи ҳақида: «Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир» дея таъкидладилар. Ва айнан ушбу тадбирда «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекканини айтганида барча қатнашчилар бу сўзларни улкан кўтаринкилик билан қарши олишди.
Муҳтарам Президентимиз қаерда ва қай мавзуда маъруза қилмасинлар, юрт келажаги бўлмиш ёшлар масаласини бот-бот илгари сурадилар ва мана шу йўсиндаги сўзларини келтириб ўтадилар:
«...Ёш авлод қалбида она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин».
Ушбу даъватлар ҳар бир ватандошимизни ҳушёр торттирмоғи ҳамда фарзандлар камоли йўлидаги улкан ишларга отлантирмоғи лозим.
«Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга кўра, 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Она тилимизнинг келгуси тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида тузилма ташкил этилди. Янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш борасидаги ишларни тартибга соладиган Атамалар комиссияси ўз ишини бошламоқда. Яқин келажакда «Давлат тили ҳақида»ги қонун бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиниб, янада такомиллаштириш ишлари ҳам кўзда тутилган.
Биргина шу эмас, албатта. Жорий йилнинг 20 январь куни бошланган хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Бу каби саъй-ҳаракатларнинг барчасида аввало халқ фикри энг асосий мезон сифатида қаралиб, барча муҳим ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий қарорлар юртдошларимиз билан бамаслаҳат қабул қилинаётгани фуқароларда ижтимоий фаоллик ҳиссини кучайтирмоқда. Кўпгина долзарб масалалар қатори, давраларда давлат тили, миллий ғурур, орият, тарих ва қадриятлар ҳақидаги қизғин баҳс-мунозараларга барчамиз шоҳид бўлиб турибмиз.
Бу каби баҳсларда ҳар хил фикрлар ҳам қулоққа чалинади, албатта.
«Бизнинг дунёга чиқишимиз учун илғор тилларнинг кўмаги зарур. Шу мақсадда... ва ҳоказо, ва ҳоказо.»
Йўқ! Биз ҳам сиз ўйлагандай мақсадларни катта олганмиз ва насиб этса, уларга албатта эришамиз! Аммо бу борадаги биргина шарт хаёлимиздан кўтарилиб қолмаса бўлгани: бошқа тилларга меҳр-у ихлосимизни баландлатишда давом этаверайлик, лекин бу ишимиз ўз она тилимизнинг камситилиши эвазига бўлмасин, биродар!
Барча билиши лозим бўлган жиҳат шуки, Она тили шунчаки сўзлашув воситаси эмас, балки Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор, аждодларга ҳурмат ва шунинг баробарида авлодларимизга иззат рамзи ҳамдир. Ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлаган бўлади.

Ўзбек тили

Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.
Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.
Бугун Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.
Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.
Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун - 21 октябрь санасининг «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган буюк ислоҳатларнинг юксак самараси, мустақил Ватанамиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маданий, маънавий ҳаётидаги улкан воқеадир.
Ушбу муҳим ташаббус давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ўз ифодасини топган эди.
Ўзбек тили ўзининг қадимий ва бой тарихида ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг бугунгидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган. Бу «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» дадил қадам қўйган Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг юксак самараларидандир.

Ушбу фармонга биноан она тилимизнинг истиқболдаги тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида департамент, бу янги тузилма ташаббуси билан эса Атамалар комиссияси ташкил этилганининг ўзи фикримизнинг яққол далилидир.
Фаолияти миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, барча соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратиш, бир хил қўлланишини таъминлашга доир ғоят долзарб вазифаларга қаратилган мазкур комиссия ўз ишини жадал бошлаб юборгани сезилди.

Айни пайтда, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарори билан барча давлат органлари, вазирликлар ва уларга тенглаштирилган ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил қилинди. Бошқача айтганда, энди давлатимизнинг қуйи ташкилотларда ҳам давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича масъул ваколатли вакиллари бор. Уларнинг зиммасига кўплаб юксак вазифалар қаторида жумладан, жойларда «Ўзбек тили байрами куни» айёмини юксак савияда ташкил этиш ҳам юклатилган. Бундай ташкилий, ҳуқуқий ва илмий-ижодий ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Бир мисол. Илгари оммавий ахборот воситаларида давлат тилига оид материаллар – мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар онда-сонда, кўпинча 21 октябрь арафасида, пайдо бўлиб қолар, кейин йил-ўн икки ой гўё унутилар эди.
Энди бу иш ҳам мунтазамлик касб этаётгани яққол сезилмоқда. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” газетасида махсус рукин очилиб, ранг-баранг мақолалар мунтазам бериб борилаётгани ва улар қўлма-қўл ўқилаётгани, бошқа кўплаб нашрларда, ижтимоий тармоқларда кўчириб босилаётгани, бахс-мунозаралар қўзғатаётгани, жамоатчилкнинг кенг эътирофига сазавор бўлаётгани қандай яхши!

Мустақил мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида “Ўзбек тилининг дўстлари” клубларини ташкил этишга киришилгани ҳам давлат тилини ривожлантириш ва халқаро миқиёсда тарғиб қилиш масалаларига юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодасидир.
“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг айнан 10 апрель - халқимиз эрки ва озодлиги йўлида жон фидо этган буюк адиб, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий туғилган кунда имзоланишида ҳам катта ҳикмат ва маъно бор. Бу - она тилимизнинг имкониятларини осмон қадар юксалтирган сўз санъаткорига юксак ихтиром белгисидир.

Ўзбек тили байрами она тилимизни шарафлаш, унинг қаддини ва қадрини янада юксалтириш айёмидир. Айни пайтда ушбу байрам ўзбек тилини ўқиб ўрганиш, тарғиб қилишдан чарчамайдиган, унинг софлиги, бойлиги ва нуфузини янада юксалтириш учун қайғурадиган, курашадиган ҳар бир инсоннинг байрамидир. Ер юзида ўзбек тилида сўзлашадиган қарийб 50 миллион кишининг байрамидир.
Янги байрамимиз давлат тилининг Ўзбекистонда яшаётган барча миллатлар ва элатларнинг севимли тилига, маънавий эҳтиёжига, фахр-ифтихорига, Мустақиллик, Наврўз айёмлари сингари умумхалқ байрамига айланишига шубҳа йўқ.

Фармонда таъкидланганидек, истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди. Мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган, бирлаштирадиган меҳр-оқибат тилига айланди.
Давлат тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланмоқда. Эндиги масала унинг қўлланиш кўламини янада кенгайтириш, халқаро нуфузини янада оширишдан иборатдир.
Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги тарихий нутқида таъкидлаганидек, “бунинг учун ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда мазкур йўналишда амалга оширилаётган улуғвор ишлар нафақат юртимиз, балки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам кенг эътибор ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Буни Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимига давлат тилини кенг ва фаол жорий этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 2019 йили сайловларни ўтказиш борасида истиқлол йилларида орттирилган бой миллий тажриба, халқаро меъёр ва андазалар асосида ишлаб чиқилиб, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мос, лисоний жиҳатдан пишиқ-пухта, ихчам ва яхлит шаклда қабул қилинган Сайлов кодекси буннинг ёрқин далилдир.
2019 йилнинг 22 декабрида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашлар сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида бу ўзининг яққол ифодасини топди.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, “ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.
“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши тарихий адолатнинг тикланиши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг мустаҳкамланиши ва Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тил – муқаддас

Тил – муқаддас ва эъзозланган тушунча, ҳар бир инсон учун ўз онаси каби азиз ва мўътабар.Тил – ҳаётнинг бошланиши. Инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади. Инсон улғайган сайин атрофидагилар билан мулоқот қилиш, бадиий китоблар ўқиш орқали сўз бойлигини ошириб боради. Ота-боболаримиз тарихи, миллий ва маънавий қадриятларимиз бизга она тилимиз ёрдамида мерос бўлиб қолди. Халқлар тарихи – бу улар тилининг тарихи. Давлат ривожланиши билан давлат тили ҳам ривожланади. Халқ мустақиллигининг асосий белгиси – бу она тили ва миллий маданияти. Дунёнинг барча давлатлари ўз она тилларини асраб-авайлашга интилишади, шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади.

Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади. Тил тарихини, унинг меъёрий нуқтаи назардан шаклланиш жараёнини, ривожланишини миллат тарихидан айри ҳолда ўрганиб бўлмайди.

Юқори ривожланган давлатлар даражасига эришиш ва рақобатдош бўлиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари муҳим, албатта. Чунки биз глобал ривожланиш тенденцияларидан орқада қола олмаймиз, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт. Ҳеч ким ҳеч қачон ўз она тилига бўлган ҳурматни йўқотмаслиги керак. Тилга ҳурмат – бу халққа ҳурмат. Ўз она тилига эга бўлмаган халқ мамлакат бўлолмайди. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам миллий тил софлигига путур етади. Тил давлат тимсоли, мулки ҳисобланади. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли, бу улкан ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, она тилига бўлган муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Бинобарин, ўзини ўзбек миллатининг фарзандиман, деб билган ҳар бир шахс она тилимизга эътиборли бўлиши, унинг софлигини асраб-авайлашни муқаддас бурчи деб билиши шарт.

Ўзбек тилининг Ватанимизда давлат тили сифатида амал қилинишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Дарҳақиқат, давлат тилининг мустаҳкам ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилгани тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга етарлича замин яратиб, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши баробарида ўзбек тилининг эркин муомалада бўлиши учун зарур шарт-шароитни яратиб берди. Дунёда таниқли мамлакат бўлиш учун биз давлат тилининг мақомини кўтаришга эришишимиз лозим.

Сўнгги йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир.

Шунингдек, куни кеча Ички ишлар вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталига жойлаштирилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ҳам давлат тилининг ҳуқуқий мақоми, амалий аҳамиятини ошириш борасида навбатдаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди. Зеро, юртда яшовчи ҳар бир фуқаро, миллати ва динидан қатъи назар, давлат тилига алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатишга бирдек масъулдир. Бутун мамлакат аҳли давлат тилини бирдек севса ва қадрласагина, у ўз мақомида мустаҳкам бўлади, ривожланиш сари дадил одимлаб бораверади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ҳар бир соҳада ниҳоятда муҳим ўзгаришлар, янгиланишлар амал оширилмоқда. Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида ҳам ушбу йўналишда жадал ислоҳотлар йўлга қўйилиб, тизимда ҳужжат алмашинув ишлари тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Вазирликка қарашли барча ҳудудий бош бошқармалар ва тасарруфий ташкилотларнинг пешлавҳалари, бинонинг ички ва ташқи ёзувлари тўлиқ лотин алифбосида бўлиши, ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифалар, Интернет сайтларида ҳам давлат тилидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши таъминланмоқда.

Шу билан бир қаторда, тизимда давлат тили тарғиботга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар олиб борилмоқда. Соҳа ходимларининг давлат тилида иш юритиш бўйича малакасини мунтазам ошириб бориш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази билан икки томонлама ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, зарурий чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўпгина халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ташқи миграция агентликлари билан бевосита ҳамкорликда фаолият кўрсатиши боис бу йўналишлардаги ишлар халқаро меъёрларда белгиланган тартиб асосида олиб борилиши таъминланган.

Хуллас, тил – жамиятнинг асосий таянчи, инсоний мулоқот-муносабатларнинг бирламчи воситаси, миллат руҳи ва давлатчилик тақдиридир. Ҳар бир халқ ва миллат, давлат ва жамиятнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил – она тили билдириб туради. Тил – мулоқот зарурати туфайли яралган, мулоқот жараёнида инсоният яратган барча янгиликларни, тафаккур меваларини англатиб, авлоддан-авлодга етказиб, авайлаб-асраб келади.

Шундай экан, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш ҳар биримиздан миллий тилга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этади. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаётдир.