Шаблоны Joomla 3 здесь: http://www.joomla3x.ru/joomla3-templates.html

Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Бу Қонун халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлди. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.
Ушбу сана, шубҳасиз, мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан бири. Зеро бу кунда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилиниб, мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Ва шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, бу ҳужжат ўз вақтида халқимизнинг Истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди, Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, асло муболаға бўлмайди.
Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон аҳли бугунги кунда 7000 дан зиёд тилда гаплашар ва, буни қарангки, уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9000 дан ортиқ тил мутлоқ йўқолиб кетганлиги ҳам асослантирилади. Бирор бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа ўрганувчилари.
Муболаға қилмаётган бўлсам, бугунги кунда Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу рақамлар Она тилимизнинг умрбоқийлигини мустаҳкам белгилаб турувчи омиллардан сўзлайди, албатта.
2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши қувонарли ҳол бўлди. Ушбу қонун билан ҳар йили 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб нишонлаш белгиланди. Эндиликда ҳар йили 21 октябрь бутун мамлакатимиз бўйлаб катта байрам сифатида нишонланади. Бу эса она тилимизни қай даражада ардоқлашимизни ва ҳурмат қилишимизни билдиради.